ЎзБлоггерлар чемпионати якуний натижалари



ЎзБлоггерлар чемпионатини бошлаганимизга ҳам 3 ойга яқинлашиб қолди. Ўтган давр мобайнида 5 босқичли тизимда чемпионатни ташкил қилишга ҳаракат қилдик. Чемпионат биринчи марта ўтаётганлиги сабабли, камчиликлардан ҳоли бўлмади албатта. Аммо мазкур лойиҳа давомида бир-биридан ажойиб, қизиқарли блогпостлар ёзилди, янги номлар кашф этилди, ўзаро фикрлар алмашилди. Ўзбек блоггерлари олами сезиларли равишда жонланди. Мана шуларни кузата туриб, лойиҳа ўз олдига қўйган мақсадига имкон қадар эриша олди деб ишонч билан айтиш мумкин.



Чемпионатда жами 116 нафар блоггер иштирок этди ҳамда бутун чемпионат давомида 221 та блогпост ёзилди. Босқичма-босқич тарзида ташкил этилган мазкур танловнинг ФИНАЛ босқичида 6 нафар блоггерлар ўзаро куч синашди.

Гапни қисқа қилиб, асосий муддаога ўтиб қўя қоламиз. Чемпионат ҳақидаги батафсил статистик ва бошқа кўринишдаги маълумотларни кейинроқ бериб борамиз.

ФИНАЛ босқичида ҳакамлар ҳайъати ҳамда мухлислар овоз бериши орқали ғолиблар аниқланди. Олдин хабар қилганимиздек, 3 нафар блоггер тегишли ўринларда ғолиб дея эълон қилинади ва чемпионатнинг умумий мукофот жамғармаси асосида тақдирланишади.

Демак, якуний натижаларга кўра, илк марта ташкиллаштирилган ЎзБлоггерлар чемпионатининг ғолиблари дея қуйидаги блоггерлар эътироф этилишди:

1-ўрин: Муҳрим Аъзамхўжаев - http://muxrim.livejournal.com/
2-ўрин: Иноят Хон - http://www.istudyandwork.com/
3-ўрин: Шермуҳаммад Абдуғофуров - http://shermuhammad.com/

Аввал хабар қилганимиздек, чемпионатнинг умумий соврин жамғармаси қуйидагиларни ўз ичига олар эди:

- 1 миллион 500 минг сўм;
- Бир йилга текин домен ҳамда 500 mb хостинг;
- BookReader;
- 16 GB лик флешка.

Ҳозирда ҳомийлар томонидан ваъда қилинган барча мукофотлар ташкилотчиларга етказилмаганлиги сабабли, чемпионат ғолиблари қандай мукофотлар билан тақдирланишини эълон қилмай турамиз. Тез орада мазкур масалага ойдинлик киритиб, мукофотлар қай тартибда тақсимланганини хабар қиламиз. Ҳозирча, 1 миллион 200 минг сўм ҳамда домен (хостинг) берилиши аниқ.

Бундан ташқари, барча ғолиблар махсус дипломлар билан ҳам тақдирланишади.

Шунингдек, ЎзБлоггерлар чемпионати якунларига ҳамда унинг келажакдаги истиқболли режаларига бағишланган махсус тадбир ўтказилиши ҳам режалаштирилмоқда. Ғолибларга мукофотлар айнан ўша тадбирда топширилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда чемпионат ташкилотчилари ушбу чемпионатда иштирок этган блоггерларга, доимий равишда кузатиб бориб, ўз фикр-мулоҳазаларини, танқид ва таклифларини билдириб борган мухлисларга, иштирокчиларни баҳоли қудрат адолатли баҳолаб борган ҳакамлар ҳайъатига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Биз билан бирга бўлганингиз учун раҳмат! Келгусида биз билан бирга қолишингиз учун раҳмат! Ҳаммаси учун, ҳаммага раҳмат!

1 комментарий:

  1. Sovringa oydinlik kiritilmagani,shunchaki masharaga o'xshab qolibdi.Sovrin e'lon qilinganda ma'lum bo'lsa qat'iy chiqardi

    ОтветитьУдалить